Madaniyat vazirligi to’g’risida nizom

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тўғрисидаги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш ҳақида

 

Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги тўғрисида

НИЗОМ

     1-боб. Умумий қоидалар
     1. Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги (кейинги ўринларда — Вазирлик деб аталади) маданият соҳасида давлат бошқаруви органи ҳисобланади ва ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳисобот беради.
     2. Вазирлик ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари ва бошқа ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Низомга амал қилади.
     3. Вазирлик тизимига:
Вазирликнинг марказий аппарати;
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маданият бошқармалари, туманлар (шаҳарлар) маданият бўлимлари;
Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик маркази;
Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий-ишлаб чиқариш бош бошқармаси;
Бадиий экспертиза бошқармаси;
«Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали бош дирекцияси;
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси;
Вазирликка идоравий мансуб бошқа маданият ва таълим муассасалари киради.
     4. Вазирлик ўз вазифалари ва функцияларини амалга оширишда давлат бошқарувининг бошқа органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
    5. Вазирлик тизимининг моддий-техника таъминоти ва ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили ажратиладиган маблағлар ҳисобига ва улар доирасида, Вазирлик тизимидаги муассасалар ва ташкилотларнинг даромадлари, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига амалга оширилади.
(5-банд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 ноябрдаги 886-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.11.2017 й., 09/17/886/0213-сон)
     6. Вазирлик, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий мансуб ташкилотлар юридик шахс ҳисобланади, Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўладилар.
     2-боб. Вазирликнинг вазифалари ва функциялари
     7. Қуйидагилар Вазирликнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари ҳисобланади:
маданият соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш, миллий маданий ва маънавий меросни асраб-авайлаш ва кўпайтириш, санъат ва бадиий ижодни ҳар томонлама ривожлантириш, аҳолининг маънавий-ахлоқий ва маданий даражасини янада юксалтиришни рағбатлантириш, уни миллий ва жаҳон маданиятининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш борасида тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
аҳоли кенг қатламлари, айниқса ёшлар орасида миллий онгда Мустақиллик ғояларини янада теран томир орттиришга, юксак маънавият, инсонпарварлик анъаналарига садоқат, миллий ўзликни англаш ғояларини янада чуқур сингдириш, радикализм ва экстремизмнинг ёт ғояларига қарши иммунитетини мустаҳкамлаш, жамиятнинг муттасил ортиб бораётган интеллектуал, эстетик ва маданий эҳтиёжларини қондиришга йўналтирилган оммавий-маданий тадбирларни ўтказишга қаратилган маърифий ишларни амалга ошириш;
бадиий ижод, шу жумладан театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини янада ривожлантиришни рағбатлантириш, халқимиз тарихи ва бугунги ҳаётининг энг ёрқин саҳифаларини, мамлакатимизнинг эркин демократик тараққиётини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга, айниқса ижодкор ёшларга ҳар томонлама кўмаклашиш;
маданият муассасалари, жумладан театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият ва истироҳат боғлари, музейлар ҳамда бошқа маданий-маърифий муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш, маънавий етук, интеллектуал баркамол ва юксак маданиятли шахсларни тарбиялаш ишида ушбу муассасалар имкониятларидан янада тўлиқ фойдаланиш;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, жумладан, маҳаллий ҳокимият идоралари, жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, ижодий уюшмалар ва бошқа ташкилотлар билан асосий вазифалар ҳамда фаолият йўналишларини, маданий-маърифий тадбирларни амалга оширишда, маданият ва ижодий муассасалар ишининг самарадорлигини таъминлашда мустаҳкам ҳамкорликни йўлга қўйиш;
маданият соҳасида кадрлар тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида такомиллаштириш, бунда замонавий педагогик ва ахборот технологияларидан, илғор халқаро тажрибадан фойдаланиш, маданий-маърифий муассасалар ва таълим муассасаларини юқори малакали кадрлар билан таъминлаш;
давлатлараро ва халқаро маданий алоқаларни кенгайтириш ҳамда мустаҳкамлаш, мамлакатимизнинг маданий меросини, мамлакатимиз ижодий жамоалари ва муаллифлари асарларини, шу жумладан конференциялар ва кўргазмалар, маданий тадбирлар ва анжуманлар ўтказиш йўли билан чет элларда кенг тарғиб қилиш, маданият соҳасига хорижий инвестициялар ва грантлар жалб этиш, шунингдек маданият соҳасига оид оммавий адабиётларни чоп этиш, видео ва кино материаллар тайёрлаш.
     8. Вазирлик ўзига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни амалга оширади:
вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг маданият ва санъат соҳасидаги ишларини мувофиқлаштиради;
Вазирлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиш мониторингини олиб боради, уни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ва уларни кўриб чиқиш учун белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тақдим этади;
маданият ва санъат соҳасида ҳамкорлик бўйича халқаро лойиҳаларни ишлаб чиқади, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари бажарилишини таъминлайди;
театр, мусиқа, хореография, эстрада, цирк ва халқ амалий санъатини ривожлантиришни таъминлайди, халқимиз тарихининг энг ёрқин саҳифаларини, унинг ҳозирги ҳаётини, мустақил ривожланиш тажрибасини акс эттирувчи асарлар яратишда ижодий жамоаларга ҳар томонлама ёрдам беради;
кадрларни миллий ва умуминсоний қадриятлар, инсонпарварлик ва юксак маънавият руҳида тайёрлаш жараёнини ташкил қилади, кишиларнинг ўзининг умумтаълим ва маданий савиясини оширишга интилишини рағбатлантириш, уларни миллий, жаҳон маданияти ва санъатининг энг яхши намуналаридан баҳраманд этиш ишларини амалга оширади;
Вазирлик тизими кадрлари малакасини оширишни, уларни қайта тайёрлашни, тажриба орттиришларини ва аттестациядан ўтказишни таъминлайди;
музейларда миллий мустақиллик ғояларига ҳамоҳанг бўлган, ўзбек халқининг бой маданий меросини, унинг инсоният тарихидаги роли ва аҳамиятини, унинг ривожланиш босқичларини ҳаққоний акс эттирувчи экспозицияларнинг ташкил этилишини, шунингдек замонавий ривожланиш истиқболларини чуқур ўрганишни, музейшунослик, музейлар фондларидаги экспонатларнинг ягона каталогини юритиш бўйича умуммиллий сиёсатнинг амалга оширилишини таъминлайди;
республика аҳолисини Ўзбекистон халқлари тарихи тўғрисида хабардор қилувчи чет элларда сақланаётган қадимий буюмлар, шунингдек мамлакатимиз музейларида намойиш қилинаётган ноёб экспонатлар билан кенг таништириш воситасида одамларда умуминсоний қадриятларни, бой миллий маданий меросни ҳурмат қилиш ва эътироф этиш туйғусини тарбиялашга кўмаклашади;
Миллий музей фонди Давлат каталогини юритади, музей ашёлари ва музей коллекцияларини белгиланган тартибда унинг таркибига киритади ва унинг таркибидан чиқаради;
Миллий музей фонди ҳолати юзасидан, шунингдек маданий ва археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича қонун ҳужжатларининг юридик ва жисмоний шахслар томонидан бажарилиши устидан давлат назоратини амалга оширади;
маданий ва археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш, қўриқлаш, тарғиб қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқишда қатнашади;
маданий мерос объектларини таъмирлаш, консервация, реконструкция қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича давлат дастурларининг амалда рўёбга чиқарилишини таъминлайди;
моддий маданий мерос объектларининг Давлат кадастрини ва Номоддий маданий мерос объектларининг рўйхатини юритади, уларни тарихий-маданий экспертизадан ўтказишни, муҳофаза ва тарғиб қилишни ташкил қилади ва амалга оширади;
археология буюмларининг Давлат каталогини юритади, унда рўйхатдан ўтказилган археология буюмларини рўйхатдан чиқариб ташлаш тўғрисида қарорлар қабул қилади;
белгиланган тартибда маданий бойликларга тааллуқли буюмларнинг тоифасини аниқлайди;
маданий бойликларнинг Ўзбекистон Республикасидан олиб чиқилиши, вақтинча олиб чиқилиши тўғрисида қарорлар қабул қилади;
олиб чиқилаётган ва олиб кирилаётган, шунингдек вақтинча олиб чиқилаётган ва вақтинча олиб кирилаётган маданий бойликларни рўйхатга олади;
олиб чиқиладиган, вақтинча олиб чиқиладиган, шунингдек вақтинча олиб чиқилганидан кейин қайтариб олиб келинган маданий бойликларни экспертизадан ўтказишни таъминлайди;
маданий бойликларнинг олиб чиқилиши ва вақтинча олиб чиқилиши ҳуқуқини берувчи сертификатлар беради;
ушлаб қолинган ёки қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мусодара қилинган маданий бойликларни тегишли давлат органларидан қабул қилиб олади, уларни экспертизадан ўтказади ва улардан фойдаланиш тартибини белгилайди;
Вазирлик тизимига кирувчи ташкилотларнинг жамоалари ва яккахон ижрочиларининг гастроль-концерт фаолиятини, шу жумладан чет эллардаги гастроль-концерт фаолиятини ташкил қилади;
республикада ва хорижий мамлакатларда профессионал санъат ва ҳаваскорлик санъати фестиваллари, кўрик-танловлари, шунингдек кўргазмалар ўтказилишини ташкил қилади;
Миллий эстрада санъатини ривожлантириш ва мувофиқлаштириш кенгаши билан биргаликда республика концерт саройлари, концерт заллари ва стадионларида ўтказиладиган маданий-маърифий ҳамда концерт тадбирларининг тематик, репертуар режалари ва дастурларини такомиллаштиришга доир ишларнинг мувофиқлаштирилишини таъминлайди;
мамлакатимиз таълим муассасаларида дарс бериш ва маҳорат дарсларини ўтиш учун республика ва хорижий мамлакатларнинг таниқли ижрочиларини ҳамда маданият ва санъат арбобларини, етук педагог-мутахассисларини таклиф қилади;
чет элларда ўқиётган ва самарали ижодий фаолият кўрсатаётган ижодкор ёшларнинг республикада ўтказиладиган кўриклар, танловлар ҳамда фестивалларда қатнашишини таъминлайди;
иқтидорли ёшлар ва санъат арбобларининг ижодий сафарларини ташкил қилишни ҳамда уларнинг халқаро кўламда ва республика миқёсида маданият ва санъат соҳасида ўтказиладиган кўриклар, танловлар, фестивалларда, бошқа анжуманларда иштирок этишини таъминлайди;
культурология, театршунослик, санъатшунослик, мусиқашуносликни ва ушбу соҳадаги бошқа илмий йўналишларни ривожлантириш, таълим муассасалари ва илмий-тадқиқот муассасаларида илмий ва илмий-педагог кадрлар тайёрлаш чора-тадбирларини кўради;
драматик, мусиқали, мусиқали-драматик асарлар, тасвирий ва амалий санъат ва ҳайкалтарошлик асарлари яратишга давлат буюртмаларини амалга оширади;
ижодий жамоалар, маданият ва санъат мутахассисларини, арбобларини уларнинг идоравий мансублигидан қатъи назар, халқаро танловлар, фестивалларда ва чет эллардаги бошқа тадбирларда қатнашиш учун тайёрлашни, жўнатишни ва қабул қилинишини таъминлайди;
жаҳон илмий-техника тараққиёти ютуқлари, хорижий мамлакатларда маданият ва санъатни ривожлантиришнинг илғор тажрибаси умумлаштирилишини, ушбу ютуқларнинг соҳада жорий этилишини таъминлайди;
манфаатдор вазирликлар, идоралар, ташкилотлар билан биргаликда маданият ва санъат соҳасида илмий тадқиқотлар ривожланишига кўмаклашади, илмий тадқиқотлар натижаларини амалиётга жорий этади ва ушбу ишлар олиб борилишини мувофиқлаштиради;
маданият ва санъат бўйича ўқув дастурлари, қўлланмалар ва бошқа илмий-методик адабиётларни ишлаб чиқишда иштирок этади, шунингдек уларни тасдиқлайди;
маданият ва санъатни ривожлантириш бўйича мақсадли дастурларни, маданият ва санъат соҳасига тааллуқли дастурий-методик ҳужжатларни ишлаб чиқади ҳамда белгиланган тартибда тасдиқлайди, уларнинг тўғри бажарилишини таъминлайди;
давлат бошқаруви бошқа органлари билан биргаликда маданият ва санъат арбобларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини ҳал этади;
аҳолининг кенг қатламлари орасида маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда мамлакатнинг давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларига кўмаклашади;
идоравий мансуб ташкилотларнинг моддий-техника базасини ривожлантиришда ва уларни ахборот билан таъминлашда, маслаҳат бериш, кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлашда ҳамда бошқа ёрдам турларини кўрсатишда уларга кўмаклашади;
барча мавжуд маданият иншоотлари, кутубхоналар, театрлар, маданият ва аҳоли дам олиш марказлари, маданият саройлари, истироҳат боғлари, музейлар ва бошқа маданий-маърифий муассасаларни хатловдан ўтказади;
маданият ва санъат соҳасидаги улкан ютуқлар учун мукофотлар таъсис этиш ва Ўзбекистон Республикаси фахрий унвонларини бериш тўғрисидаги таклифларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда киритади;
халқаро маданият алоқаларини амалга оширади ва ривожлантиради;
     9. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни бевосита, шунингдек ўзининг ҳудудий бўлинмалари, ўзига идоравий мансуб бошқа ташкилотлар орқали амалга оширади.
     3-боб. Вазирликнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари
     10. Вазирлик ўзига юкланган вазифалар ва функцияларни амалга оширишда қуйидаги ҳуқуқларга эга:
Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларни амалга ошириш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, шунингдек бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
давлат бошқаруви органларидан ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан Вазирлик ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга доир маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;
Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича зарур статистик маълумотларни давлат статистика органларидан бепул асосда олиш;
Вазирликнинг ва унинг идоравий мансуб тузилмаларининг давлат мулкини беғараз фойдаланиш ҳуқуқи билан ўз ташкилий тузилмаси доирасида бир бўлинмадан бошқа бўлинмага белгиланган тартибда ўтказиш;
Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича илмий ишларни амалга ошириш ва тадқиқотлар олиб бориш учун — идоравий мансуб Республика маданият муассасалари фаолиятини ташкил этиш илмий-методик марказига, ахборот-компьютер технологияларини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кузатиб бориш бўйича буюртмаларни Вазирлик ҳузуридаги Ахборот ва компьютер технологиялари марказига тендер (танлов) ўтказмасдан жойлаштириш;
белгиланган тартибда ноширлик фаолиятини амалга ошириш;
биноларга хизмат кўрсатиш ишларини бажаришга, инвентарь ва хўжалик анжомлари, автотранспорт, алоқа воситаларини, ҳисоблаш, компьютер техникасини ва ташкилий техникани сақлаш ва улардан фойдаланишга, дастурий таъминотни харид қилишга белгиланган тартибда шартномалар тузиш;
Вазирлик ваколатига кирувчи масалаларни ҳал этишга шартнома асосида илмий ташкилотларни, олим ва мутахассисларни, шу жумладан чет эллар олимлари ва мутахассисларини жалб этиш;
белгиланган тартибда Жаҳон Интернет ахборот тармоғида расмий веб-сайтлар яратиш, ўз фаолиятини ёритиб бориш учун ижтимоий тармоқлар ва медиа-ресурслардан фойдаланиш;
Вазирлик ваколатига кирувчи масалалар бўйича хорижий давлатларнинг тегишли тузилмалари ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш;
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғи бўйича халқаро ташкилотларда Ўзбекистон Республикаси манфаатларини ифодалаш ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ва халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ бошқа давлатларнинг ваколатли ташкилотлари билан маданият масалалари бўйича ҳамкорлик қилиш тўғрисида шартномалар тузиш;
тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Вазирлик тизимига кирувчи ташкилотлар тоифасини ўзгартириш бўйича таклифларни тайёрлаш ва белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига кўриб чиқиш учун киритиш;
умумхалқ байрамлари, юбилейлар, маданий-оммавий тадбирларни белгиланган тартибда ташкил этиш ва ўтказиш;
Вазирлик тизимига кирувчи театр-томоша ташкилотлари, маданий-маърифий ва таълим муассасаларини жиҳозлаш учун ёритиш ва овоз ёзиш қурилмалари, мусиқа асбоблари, инвентарь ва бошқа зарур жиҳозларни марказлаштирилган тартибда харид қилиш;
музей фондларини ва асарлар кўргазмаларини тўлдириш учун тарихий-бадиий қимматга эга бўлган кино-театр, тасвирий ва декоратив-амалий санъат асарлари, ноёб қадимий раритетларни ҳамда материалларини, ноёб қадимий буюмларни, шунингдек саҳна ва мусиқа асарларини, қўшиқларни аниқлаш ва сотиб олиш, музейлар фондларидаги экспонатларнинг ягона каталогини нашр этиш;
республикада ўтказиладиган халқаро танловлар, кўриклар, фестиваллар ва бошқа тадбирларда қатнашиш учун хорижий жамоаларни ва алоҳида ижрочиларни таклиф этиш;
Вазирлик тизимига кирувчи таълим муассасаларида дарс бериш, шунингдек маҳорат дарслари ўтказиш учун юқори малакали профессорлар ва ўқитувчиларни, республикамиздаги ва чет эллардаги таниқли маданият ва санъат арбобларини таклиф этиш;
маданият ва санъат соҳасида иқтидорли ёшлар вакилларини аниқлаш, уларни чет элларга ўқишга юбориш;
бадиий ҳаваскорлик жамоаларига, маданият муассасаларига «Халқ», «Болалар намунали жамоаси», «Халқ музейи» унвонлари, дипломлар, ёрлиқлар бериш ва совринлар билан мукофотлаш;
Вазирлик маблағларини, шу жумладан бюджетдан ташқари маблағларни Вазирлик тизими ташкилотлари томонидан ўтказиладиган маданий-оммавий ва концерт-томоша тадбирлари ташкил этилишига, маданият ва санъат арбобларини турли фестиваллар (танловлар) ва шу кабиларга тайёрлаш ҳамда уларда қатнашиш учун йўналтириш;
фестиваллар, танловлар ва бошқа тадбирлар ғолиблари, қатнашчилари ва фахрий меҳмонларини эсдалик совғалари билан мукофотлаш;
энг иқтидорли санъат арбоблари, алоҳида фидокорлик ва меҳнатсеварлик фазилатларини намоён қилган маданият соҳаси ходимлари номзодларини мукофотлашга белгиланган тартибда тақдим этиш.
Вазирлик Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
     4-боб. Вазирлик фаолиятини ташкил этиш
     11. Вазирликка Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тасдиқланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган Вазир (кейинги ўринларда Вазир деб аталади) бошчилик қилади.
Олдинги таҳрирга қаранг.
Вазир бир вақтнинг ўзида Ўзбекистон Давлат консерваториясининг ректори ҳисобланади.
(11-банднинг иккинчи хатбошиси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 1 ноябрдаги 886-сонли қарори таҳририда — Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси, 06.11.2017 й., 09/17/886/0213-сон)
Вазирнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган бир нафар биринчи ўринбосари ва икки нафар ўринбосари бўлади.
     12. Вазир:
Вазирлик фаолиятига якка бошчилик асосида умумий раҳбарлик қилади ҳамда Вазирликка юкланган вазифалар ва функцияларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;
вазир ўринбосарлари ва Вазирлик тизимидаги бошқа мансабдор шахсларнинг ваколатларини, Вазирлик фаолиятининг алоҳида йўналишлари ва участкаларига раҳбарлик қилиш юзасидан ҳамда идоравий мансуб ташкилотлар иши юзасидан шахсий жавобгарлиги даражасини белгилайди;
зарурат бўлганда, Вазирлик марказий аппарати, ҳудудий маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар бош бошқармаси, туманлар (шаҳарлар) маданият бўлимлари, шунингдек Вазирликка идоравий мансуб ташкилотлар ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида тасдиқланган тузилмага ўзгартиришлар киритади;
ўз ваколати доирасида Вазирлик тизими ходимлари бажариши мажбурий бўлган буйруқлар чиқаради ва фармойишлар беради;
Вазирлик марказий аппарати ходимларининг белгиланган чекланган умумий сони ва иш ҳақи фонди доирасида харажатлар сметасини ва штатлар жадвалини тасдиқлайди, Вазирликнинг Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан молиялаштирилувчи идоравий мансуб ташкилотларининг штатлар жадваллари ва харажатлари сметаларини рўйхатдан ўтказади;
Вазирликка идоравий мансуб ташкилотлар уставларини, марказий аппарат бўлинмалари тўғрисидаги низомни, вилоятлар маданият бошқармалари, Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси тўғрисидаги низомларни, шунингдек туманлар (шаҳарлар) маданият бўлимлари тўғрисидаги намунавий низомларни белгиланган тартибда тасдиқлайди;
Вазирликнинг марказий аппарати ходимларини, Вазирликка идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарларини, вилоятлар маданият бошқармалари бошлиқларини ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси бошлиғини қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда лавозимга тайинлайди ва лавозимдан озод қилади.
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
     13. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси Вазирликка ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига бўйсунадилар ва ҳисоб берадилар;
Туман (шаҳар) маданият бўлимлари тегишли равишда ҳудудий маданият бошқармаларига ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасига ва туман (шаҳар) ҳокимликларига бўйсунадилар ва ҳисобот берадилар.
     14. Лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш:
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири билан келишган ҳолда лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
вилоятлар маданият бошқармалари бошлиқлари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси бошлиғи тегишли равишда вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари билан келишган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
туманлар (шаҳарлар) бўлимлари мудирлари — туман (шаҳар) маданият ва аҳоли дам олиш марказлари директорлари тегишли туман (шаҳар) ҳокимлари ва Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маданият бошқармалари бошлиқлари томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади;
Вазирлик номенклатурасига кирувчи идоравий мансуб ташкилотлар раҳбарлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод этилади.
     15. Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармаси тўғрисидаги низомлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, тегишли вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан келишган ҳолда Вазирликнинг буйруқлари билан тасдиқланади;
Туманлар (шаҳарлар) бўлимлари тўғрисидаги низомлар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари билан келишган ҳолда тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазири, вилоятлар маданият бошқармалари ва Тошкент шаҳар маданият бош бошқармасининг буйруқлари билан тасдиқланади.
     16. Вазирликда Маданият вазири (Ҳайъат раиси), унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, шунингдек Вазирлик фаолиятининг асосий йўналишларини мувофиқлаштирувчи Вазирликнинг таркибий бўлинмалари раҳбарларидан иборат таркибда Ҳайъат ташкил этилади.
Ҳайъатнинг аъзолари сони ва шахсий таркиби Маданият вазирининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ҳайъат қуйидагилар билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади:
қонун ҳужжатларида белгиланган маданият соҳасидаги сиёсат амалга оширилишини янада такомиллаштириш бўйича Вазирлик фаолиятининг асосий концептуал йўналишларини тайёрлаш ва амалга ошириш;
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатларида, Ҳукумат қарорларида белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишни таъминлаш учун ижро интизомини мустаҳкамлаш, Вазирлик раҳбарлари ва ходимларининг шахсий масъулиятини ошириш.
Ҳайъат Вазирлик ваколатига тааллуқли бошқа масалаларни ҳам кўриб чиқиш ҳуқуқига эга.
Ҳайъат мажлисига Вазирлик ваколатига кирадиган масалалар бўйича бошқа вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилиши мумкин.
Ҳайъат унинг мажлисида таркибининг ярмидан кўпи қатнашган тақдирда ваколатли бўлади. Кўриб чиқилаётган масалалар бўйича қарорлар оддий кўпчилик овоз билан қабул қилинади.
Ҳайъат қарорлари Вазирнинг буйруқлари билан амалга оширилади. Вазир ва Ҳайъат аъзолари ўртасида келишмовчиликлар пайдо бўлган тақдирда Вазир пайдо бўлган келишмовчиликлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ахборот берган ҳолда мустақил равишда қарор қабул қилади. Ҳайъат аъзолари ҳам ўз фикр-мулоҳазаларини Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига хабар қилишлари мумкин.
Ҳайъат фаолияти тартиби унинг ҳайъат тасдиқлайдиган регламентида белгиланади.
     5-боб. Моддий рағбатлантириш чоралари
     17. Вазирлик ходимларини моддий рағбатлантириш қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
     18. Вазирлик ходимларининг иш ҳақи қонун ҳужжатларида назарда тутилган лавозим маоши, мукофотлар, қўшимча тўлов, устама ҳақ, рағбатлантириш тўловларидан иборат.
     6-боб. Якунловчи қоида
     19. Вазирликни тугатиш ва қайта ташкил этиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15 мартдаги
141-сон қарорига 
2-ИЛОВА
Manba: Lex.uz